BBC — Ўзбекистон: Президент Мирзиёев бу сафар «уйғонмаган» халқни ҳам танқид қилди

Қарши шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари билан мажлис ўтказган Ўзбекистон президенти маҳаллий ҳокимиятни танқид қилиш ортидан халқни ҳам боқибеғамликда айблади.

Президент Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати хабар қилишича, у жойлардаги ҳокимликларни сусткашликка, халқ эса улардан талаб қилишда бефарқликка йўл қўяётганини танқид қилди.

«Халқимиз яхши яшашини, ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаймиз. Лекин ҳеч ким меҳнатсиз, машаққатсиз натижага эришмаган, эришолмайдиям! Президент келиб йўналиш беради, вазифа қўяди. Уларни ким амалга оширади? Одамлар қачон уйғонади?» — дея савол қўйган президент.

Мирзиёевнинг айтишича, маҳаллий аҳоли ўзи ҳаракат қилмагунча, четдан ёрдам келмайди.

«Биз анча нарсада кечикканмиз. Агар эндиям уйғонмасак олдимизга қўйган катта мақсадларимизга етолмаймиз. Биров келиб биз учун ҳеч нарса қилиб бермайди,» — деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида айтишича, қонун ишлаб чиқишдан кўра, уларни тадбиқ қилиш қийинроқ.

«Мана кўряпсизлар, деярли ҳар куни фармон, қарор чиқяпти. Уларнинг устида ташкилотлар, экспертлар ойлаб, йиллаб ишлайди. Бу фармон, қарорларни ишлаб чиқиш азоб. Уларни амалга ошириш ўн карра азоб,» — деб айтган давлат раҳбари.

Президент Мирзиёев ҳокимликларни сўроқ ёки танқид қилишга уринган жамоатчилик вакиллари ёки журналистлар жойларда қандай босимларга учраши мумкинлигига тўхталмади.

Маҳаллий журналистларга кўра, вилоятларда ҳокимликлар ҳали ҳам буйруқ, зуғум ва босимлар ёрдамида ишлашда давом этяпти.

Хусусан, хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов октябрь ойида Қўшкўпир тумани ҳокимлигидаги ҳоким раислигида ўтаётган мажлисни видеога олишга урингани учун етти суткага қамалганди.

Қамалишидан аввал у маҳаллий ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан дўппосланган ва таҳдид қилинган.

Мирзиёев ислоҳотларини қайси соҳаларда ортга суришмоқда?

Ўзбекистон: Мирзиёевнинг ислоҳотларига нима бўлмоқда?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.