No Democracy without Democrats

Демократларсиз демократия бўлмайди!

“Мустақил фуқаролик жамиятининг Миллий Кенгаши” аъзоларига мурожаат.

Демократия йуқ жойда қашшоқлик бор. Демократия йўқ жойда — коррупция ва порахўрлик юқори даражага чиқади. Демократия йўқ жойда давлат халқ фикрини инобатга олмайди, халқ билан ҳисоблашмайди ва халқнинг ҳаётини яхшилаш билан қизиқмайди. Демократия йўқ жойда эркин сайловлар бўлмайди ва халқ манфаатини ҳимоя қилувчи шахслар сайловга яқинлаштирилмайди. Демократия йўқ жойда фермерлар мустақил бўла олмайди ва бу ҳақ-ҳуқуқсиз фермерлар ҳокимларнинг қули бўлиб қолаверади. Демократия йўқ жойда… қолганини ўзингиз истаганча давом этиришингиз мумкин.

Лекин мен учун бир нарса аниқ, агар ватанимиз Ўзбекистонда халқимизнинг ҳаёти эркин, бой ва фаровон бўлишини хоҳласак, ва ватанимизни ривожланган мамлакатлар қаторида кўрмоқчи бўлсак, унда барчамиз учун демократия энг тўғри ечим эканлигини англаб етишимиз керак. Бошқа йўли йўқ.

Демократия қуриш учун демократлар керак, чунки демократларсиз демократия бўлмайди. Демократия қуриш учун фуқаролик жамияти керак, чунки давлатни ва давлат идораларини, — халқ олдидаги ўз вазифаларини тўғри ва адолатли бажариши учун, — айнан, фуқаролар назорат қилиши керак. Афсуски, бугунги Ўзбекистонда жамият давлатни назорат қила олмаяпти. Бугунги Ўзбекистонда демократик қарашдаги шахслар ниҳоятда оз ва фуқаролик жамияти жуда заиф. Менимча, бугунги Ўзбекистонда демократлардан кўра «толибон» ғояларининг тарафдорлари кўпроқга ўхшайди. Халқимизнинг оммавий онги қайсидир маънода ўрта асрларда қолиб кетгандек туюлади…

Агар бизнинг мақсадимиз: демократияга эришиш бўлса, биз учун бугунги кунда асосий вазифа Ўзбекистонда демократларни кўпайтириш ва фуқаролик жамиятини кучайтириш талаб этилади. Бугун Ўзбекистонда бундай имконият ва шароит бор! Энг асосий вазифа — одамлардаги сиёсий лоқайдлик ҳамда бефарқликни йўқотиш ва уларни ўз ҳаётини ўзгартиришга жалб қилишдир.

Ўз ҳаётини ўзгартиришни инсон, аввало, ўзидан, ўз оиласидан, ўзи яшаб турган маҳалласидан, туманидан, вилоятидан бошлаши керак. Ҳар биримиз атрофимизда бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришимиз керак! Махаллага ажратилган маблағлар тўғри сарфланаяптими? Сиз яшаётган шаҳарда, туманда ҳокимият ўз вазифасини тўғри бажаряптими? Халқдан солиқлар шаклида йиғиб олинган бюджет пуллари халқ манфаатлари учун ишлатиляптими ёки бу маблағларни ҳокимият вакиллари ўзлаштириб, ўз чўнтагига солиб, халқ ҳисобидан ўзини бойитиш билан бандми?

Агар сиз бу муаммоларга бефарқлик билан қараб турсангиз, ҳаётингиз ўзгармайди. Президент Мирзиёев халқни ўз ҳаётини ўзгартириш учун ҳаракат қилишга чақиряпти. Президентнинг сиёсатни муниципаллаштириш ҳақидаги ташаббуслари айнан шунга қаратилган. Сизнинг ҳаётингизни президент келиб ўзгартириб бермайди, бу иш билан ҳар биримиз шуғулланишимиз керак. Ўз ҳаётимизни ўзгартириш учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак ва бунинг учун энг аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Ўзимиз ўзгариб, атрофимиздаги жараёнларга таьсир қилиб, уларни ўзгартиришга ҳаракат қилсак — жамият ўзгаради.

Биз бугун тузган Кенгашнинг вазифаси ҳам айнан шунда: фуқароларни жамият ҳаётида фаол қатнашишига ёрдам бериш ва жамиятни демократлаштиришда катнашиш. Тўғри, ҳозир биз озчиликмиз ва бирданига сезиларли ўзгаришлар қилишимизни кутишга асос йўқ, лекин бугун биз биринчи қадамни қўймоқдамиз. Аста-секин жойларда фаолиятимизни кучайтириб боришимиз керак. Ҳар бир Кенгаш аъзоси ўзи яшаб турган вилоятида ҳамфикр фаоллар билан биргаликда ҳамкорлик тармоғини тузишга ҳаракат қилиши керак ва биргаликда хокимият идоралари жамият олдидаги вазифаларини бажаришини кузатиши ва назорат қилиши керак.

Биз жамоатчилик назоратини ўрнатишга ёрдам берамиз, лекин жамоатчилик назорати бу конфронтация/қарама-қарши туриш эмас, бу ҳамкорлик ҳам, ҳамкорлик тўғри ечим топишни енгиллаштиради. Бизнинг қуролимиз конструктивлик, бизнинг асосий мақсадимиз — муаммони ҳал қилиш ва халқимиз ҳаётини яхшилашда иштирок этишдан иборат.