Шу йилнинг 27 январидан 3 февралига қадар Швеция Қироллигида рўйхатга олинган Марказий Осиё Ассоциацияси раҳбари Пўлат Охун томонидан бир қатор тадбирлар ташкил қилинди. Хусусан, тадбирлар доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролик жамияти вакиллари Швециядаги ноҳукумат ташкилотлари, швед Рихстаги (Парламент) ва Ташқи ишлар вазирлигида учрашувлар ўтказди. Фуқаролик жамияти вакиллари орасида “Ҳаракат” агентлиги мухбири, журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бор эди.
Унинг билдиришича, дастлаб 5 нафар ўзбекистонлик учун Швеция халқаро Либерал марказида мини тренинг ташкил қилинди. Сўнгра Пўлат Охун бошчилигидаги ўзбекистонлик фаоллар Швеция Рихастагида Халқ партияси, Марказ партияси, Модератлар партияси ва Христиан демократлар партияси вакиллари билан учрашди. Таъкидлаш керак, иқтидордаги ҳукуматни шу партияларнинг коалицияси бошқаради.
Шунингдек, ташкилотчилар томонидан Парламент биносига саёҳат уюштирилди. Швеция Ташқи ишлар вазирлигида Сочи Олимпиадасига бағишлаб, швед мутахассислари томонидан тайёрланган фильмни томоша қилишди.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг ёзида “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун томонидан Стокгольм ва Брюссель шаҳарларига мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партиялари фаолларининг сафари уюштирилган ва мазкур сафар чоғида мухолифатчилар Швециянинг Ташқи ишлар вазирлиги ва Парламенти, Брюсселда эса Европа Парламенти ва Европа комиссияси расмийлари билан учрашувлар ўтказганди.
Алоҳида айтиш керакки, 2010 йилда бўлгани каби ҳозир ҳам, айнан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мухолифат ва фуқаролик жамиятининг вакиллари Европага келиб, муҳим учрашувлар ўтказдилар. Айнан шу фактнинг ўзи, биз тилга олаётган ҳақиқий мухолифатчи ва фуқаролик жамияти вакиллари билан чет элда яшаб, масхарабозликдан бошқа нарса бўлмаган ишлар билан шуғулланиб юрувчи ватандошларимиз ўртасидаги катта фарқнининг кўрсатгичидир.